Тадқиқотлар

Хизмат кўрсатиш ва саноат соҳаларида бизнес муҳити яхшиланди - Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сўрови

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази республиканинг барча ҳудудларида тадбиркорлар ўртасида ҳар ой ўтказиладиган сўровлар асосида Ўзбекистондаги бизнес муҳити таҳлили натижаларини тақдим этди.

Хизмат кўрсатиш ва саноат соҳаларида бизнес муҳити яхшиланди - Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сўрови

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази республиканинг барча ҳудудларида тадбиркорлар ўртасида ҳар ой ўтказиладиган сўровлар асосида Ўзбекистондаги бизнес муҳити таҳлили натижаларини тақдим этди.

Олинган маълумотлар асосида бизнеснинг жорий ҳолатига берилган баҳолар ва тадбиркорларнинг келгуси уч ойга мўлжалланган кутилмаларини акс эттирувчи йиғма бизнес муҳити индекси шакллантирилди.

Ўзбекистонда бизнес муҳити йиғма индексининг динамикаси

Октябрь ойида йиғма бизнес муҳити индекси 58 бандни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 бандга ошди.

Индекс қийматининг 50 банддан юқори бўлиши тадбиркорлик муҳитида оптимистик баҳолар устунлигини англатади.

Бизнеснинг жорий ҳолати индекси деярли ўзгармади ва 55 бандни ташкил этди. Шу билан бирга, кутилмалар индекси ўтган йилга нисбатан 4 бандга ошиб, 60 бандга етди.

Тадбиркорларнинг 57 фоизи келгуси уч ойда маҳсулотларига талаб ошишини кутмоқда.

Респондентларнинг қарийб ярми (49 фоизи) бизнеснинг жорий ҳолатини “яхши” деб баҳолаган. Шу билан бирга, корхоналарнинг ҳар тўрттадан бирида (25 фоиз) сўнгги уч ойда ходимлар сони ошган.

Тармоқлар кесимида бизнес муҳити динамикаси

Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бизнес муҳити индекси саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўсди, қурилишда ўзгаришсиз қолди.

Саноатда йиғма бизнес муҳити индекси 5 бандга ошиб, 51 бандни ташкил этди. Бу ўсиш тадбиркорларнинг келгуси уч ойда бизнесни ривожлантириш истиқболлари бўйича кутилмалари 7 бандга ошиб, 53 бандга етгани, шунингдек, бизнеснинг жорий ҳолатига берилган баҳолар 4 бандга ўсиб, 49 бандни ташкил этгани билан бирга кечди.

Ўтган йилга нисбатан саноатда келгуси уч ойда бизнес ҳолати яхшиланишини кутаётган тадбиркорлар улуши 60 фоиз даражасида сақланиб қолди. Маҳсулотларга талаб ошишини кутаётганлар улуши эса 5 фоиз бандга кўпайиб, 55 фоизга етди.

Хизмат кўрсатиш соҳасида йиғма бизнес муҳити индекси 10 бандга ошиб, 67 бандни ташкил этди. Бунда бизнеснинг жорий ҳолатига берилган баҳолар 9 бандга, келгуси уч ойдаги ривожланиш истиқболлари бўйича кутилмалар эса 10 бандга яхшиланди.

Хизмат кўрсатиш соҳасидаги корхоналарнинг ярмидан кўпи (53 фоизи) бизнеснинг жорий ҳолатини “яхши” деб баҳолади. Шу билан бирга, тадбиркорларнинг 66 фоизи келгуси уч ойда бизнес ҳолати яхшиланишини кутмоқда.

Қишлоқ хўжалигида йиғма бизнес муҳити индекси 43 бандни ташкил этди. Бизнеснинг жорий ҳолати индекси 35 банд, кутилмалар индекси эса 50 банд даражасида шаклланди.

Сўнгги уч ойда вазият яхшиланганини тадбиркорларнинг 48 фоизи қайд этди (ўтган йили 47 фоиз). Шу билан бирга, респондентларнинг 47 фоизи бизнеснинг жорий ҳолатини “яхши” деб баҳолади. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 50 фоизни ташкил этган.

Қурилишда йиғма бизнес муҳити индекси ўзгаришсиз қолиб, 58 бандни ташкил этди. Тармоқда тадбиркорларнинг кутилмалари 2 бандга яхшиланиб, 61 бандга етди. Бизнеснинг жорий ҳолатига берилган баҳолар эса 1 бандга пасайиб, 56 бандни ташкил этди.

Сўнгги уч ойда вазият яхшиланганини қурилиш корхоналарининг 43 фоизи қайд этди (ўтган йили ҳам 43 фоиз). Шу билан бирга, корхоналарнинг 46 фоизи бизнеснинг жорий ҳолатини “яхши” деб баҳолади. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 52 фоизни ташкил этган.

Тадбиркорлар солиқ билан боғлиқ тўсиқлар камайганини қайд этмоқда

Сўров натижаларига кўра, тадбиркорларнинг 60 фоизи бизнес юритишда ҳеч қандай тўсиққа дуч келмаётганини билдирган. Энг юқори кўрсаткич хизмат кўрсатиш соҳасида (67 фоиз) қайд этилди. Кейинги ўринларда қишлоқ хўжалиги ва қурилиш (ҳар бири 54 фоиз), шунингдек, саноат (46 фоиз) турибди.

2026 йил сентябрь ойига нисбатан солиққа тортиш билан боғлиқ муаммоларни қайд этган тадбиркорлар улуши 4 фоиз бандга камайиб, 19 фоизни, банк тизими билан боғлиқ муаммоларни билдирганлар улуши эса 1 фоиз бандга қисқариб, 14 фоизни ташкил этди.

Шу билан бирга, бошқа молиявий қийинчиликларга дуч келаётган тадбиркорлар улуши 11 фоиз даражасида сақланиб қолди. Солиқ соҳасидаги муаммолар асосан солиқ маъмуриятчилиги (12 фоиз) ва солиқ ставкалари даражаси (7 фоиз) билан боғлиқ.

Тармоқлар рақобатбардошлиги ва инвестиция фаоллигини ўрганиш сектори

тел: (78)150 02 02 (441)

ОАВ ва жамоатчилик билан алоқалар бўлими

тел: (78)150 02 02 (417)

Ўхшаш янгиликлар

Оммабоп